UZEX ва Phillip Capital раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди

2026 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) Бошқарув раиси Асадулла Қаюмов ва Phillip Capital халқаро инвестиция компанияси Бошқарув раиси Лим Хуа Мин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида UZEX ва Phillip Capital ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, UZEX GLOBAL қўшма корхонаси фаолиятининг устувор йўналишлари ва келгуси вазифалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жаҳон товар бозорларидаги юқори ўзгарувчанлик шароитида нарх хатарларини бошқаришнинг замонавий воситаларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, халқаро фьючерс ва деривативлар бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш маҳаллий бизнес учун муҳим амалий аҳамият касб этади.

Замонавий хеджирлаш инфратузилмасини шакллантириш маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, экспортёрлар ва бошқа товар бозори иштирокчиларига нарх ўзгариши билан боғлиқ хатарларни самарали бошқариш, молиявий натижалар барқарорлигини ошириш ва халқаро бозорларда рақобатбардошликни кучайтириш имконини беради.

Томонлар UZEX GLOBAL лойиҳаси доирасида маҳаллий тадбиркорлар ва бозор иштирокчиларининг молиявий саводхонлиги ҳамда профессионал салоҳиятини ошириш, хеджирлаш ва деривативлар билан ишлаш бўйича ўқув ва амалий дастурларни ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, UZEX GLOBAL фаолияти доирасида шаклланадиган амалий тажриба ва халқаро амалиёт Ўзбекистонда миллий деривативлар бозорининг норматив-ҳуқуқий, технологик ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар UZEX ва Phillip Capital ўртасидаги стратегик ҳамкорликни изчил давом эттириш, UZEX GLOBAL фаолиятини янада ривожлантириш ва янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.