UZEX ва ICE ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
2026 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) Бошқарув раиси Асадулла Қаюмов ва Интерконтиненталь биржа (ICE)нинг Осиё-Тинч океани минтақаси (APAC) бўйича директори Мария Леванти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида UZEX ва ICE ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистонда замонавий деривативлар бозорини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор Ўзбекистон бизнесининг ICE фьючерс бозорларига чиқиш ҳамда товар бозори иштирокчилари учун замонавий хеджирлаш воситаларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш масалаларига қаратилди.
Хусусан, UZEX GLOBAL лойиҳаси доирасида маҳаллий фермерлар ва тўқимачилик корхоналари учун ICE биржасининг пахта фьючерсларидан хеджирлаш мақсадида фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ICE экспертлари иштирокида Ўзбекистон тадбиркорлари учун махсус семинарлар ташкил этиш, хеджирлаш амалиёти ва деривативлар билан ишлаш бўйича профессионал компетенцияларни ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар мунтазам экспертлик мулоқотларини йўлга қўйиш ва янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.