UZEX ва CME Group раҳбарияти ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) Бошқарув раиси Асадулла Қаюмов ва Чикаго товар биржаси гуруҳи (CME Group)нинг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича Бошқарувчи директори Рассел Битти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида биржалараро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий биржа савдо механизмларини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистонда фьючерс ва бошқа биржа деривативлари бозорини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Алоҳида эътибор Phillip Capital билан ҳамкорликда ташкил этилган UZEX GLOBAL қўшма корхонаси орқали маҳаллий тадбиркорларга халқаро деривативлар бозорларига чиқиш имкониятини яратиш ҳамда товар бозори иштирокчилари учун нархлар ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хатарларни самарали бошқариш, жумладан, хеджирлаш механизмларини ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Шу нуқтаи назардан, CME Groupнинг буғдой, нефть ва олтин каби асосий товарлар бўйича фьючерс контрактларидан фойдаланиш имкониятлари ва уларни маҳаллий бизнес учун тақдим этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, UZEX мутахассисларининг малакасини ошириш, мунтазам тренинглар ва тажриба алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди. Бу борада CME Groupнинг халқаро тажрибаси ва экспертизасидан самарали фойдаланиш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни узоқ муддатли ва стратегик асосда изчил ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда замонавий деривативлар бозорининг инфратузилмаси ва профессионал салоҳиятини шакллантиришга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.