Ўзбекистонда илк бор UZEX бизнес учун халқаро деривативлар бозорларида иштирок этиш имкониятини яратди

2026 йил 17 сентябрь куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 февралдаги 82-сон “Нархлар ўзгарувчанлиги даврида молиявий хатарлардан самарали ҳимояланишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (UZEX) ҳамда халқаро инвестиция гуруҳи Phillip Capital (Сингапур) томонидан ташкил этилган UZEX GLOBAL қўшма корхонасининг расмий ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда давлат органлари, маҳаллий биржа ва тижорат банклари, тартибга солувчи ташкилотлар, йирик корхоналар ва ишбилармон доиралар вакиллари, шунингдек, етакчи халқаро дериватив биржалари ва молиявий институтларнинг раҳбарлари ҳамда экспертлари иштирок этди.

2026 йил 17 сентябрь куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 февралдаги 82-сон “Нархлар ўзгарувчанлиги даврида молиявий хатарлардан самарали ҳимояланишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси АЖ (UZEX) ҳамда халқаро инвестиция гуруҳи Phillip Capital (Сингапур) томонидан ташкил этилган UZEX GLOBAL қўшма корхонасининг расмий ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда давлат органлари, маҳаллий биржа ва тижорат банклари, тартибга солувчи ташкилотлар, йирик корхоналар ва ишбилармон доиралар вакиллари, шунингдек, етакчи халқаро дериватив биржалари ва молиявий институтларнинг раҳбарлари ҳамда экспертлари иштирок этди.

Тадбирда табрик сўзлари билан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси АЖ Бошқаруви раиси Асадулла Қаюмов, Phillip Capital Бошқаруви раиси Лим Хуа Мин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори Олимжон Жумаев чиқиш қилдилар.

UZEX GLOBALнинг ишга туширилиши муносабати билан Чикаго товар биржаси (CME Group), Интерконтиненталь биржа (ICE), Лондон металл биржаси (LME), Япония биржаси (JPX), Сингапур (SGX), Малайзия (Bursa Malaysia) ва Индонезия (ICDX, JFX) биржалари раҳбарлари ўз табрикларини йўлладилар.

Хорижий меҳмонлар ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва биржа савдосининг ривожланишига юқори баҳо бериб, маҳаллий бизнесининг жаҳон биржа бозорларига чиқиш ва нархлар ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хатарларини бошқаришнинг замонавий воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Тадбир давомида таъкидланганидек, Ўзбекистон бизнеси илк бор халқаро товар фьючерслари савдоларида иштирок этиш механизмига эга бўлмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда маҳаллий бизнеснинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар замин яратди.

UZEX GLOBALнинг асосий вазифаси – маҳаллий тадбиркорлар, жумладан, ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар, экспортчилар ва импортчиларга етакчи халқаро товар деривативлари бозорларига чиқиш ҳамда нарх ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хатарларини бошқаришнинг тартибга солинадиган механизмидан фойдаланиш имкониятини таъминлашдан иборат.

Phillip Capitalнинг халқаро экспертизаси ва UZEXнинг тажрибаси уйғунлиги Ўзбекистонда замонавий биржа ечимлари ҳамда илғор халқаро амалиётларни жорий этиш учун мустаҳкам асос яратмоқда.

UZEX GLOBAL орқали маҳаллий иштирокчилар илк бор CME Group, ICE, LME, JPX, SGX ва бошқа етакчи халқаро биржаларда мис, буғдой, пахта, нефть, олтин ва бошқа товарларга асосланган фьючерс шартномалари билан савдо қилиш имкониятига эга бўлмоқда.

UZEX GLOBAL фаолиятининг асосий йўналишларидан бири нархлар ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хатарларни хеджирлаш имкониятларини ривожлантиришдан иборат. Бу корхоналарга товарлар нархининг ўзгариши билан боғлиқ бундай хатарларни самарали бошқариш ва молиявий натижаларнинг барқарорлигини таъминлаш имконини беради.

Бу эса узоқ муддатли режалаштириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратади.

UZEX GLOBALнинг Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиши мижозларга профессионал маслаҳат хизматлари ва операцион кўмак кўрсатиш, мижоз маблағларини алоҳида сақлаш, операциялар шаффофлигини таъминлаш ҳамда таваккалчиликларни бошқаришнинг белгиланган тартиб-таомилларига қатъий риоя этиш имконини беради.

Шу билан бирга, лойиҳа бозор иштирокчиларининг молиявий саводхонлигини ошириш, шунингдек, маҳаллий мутахассисларнинг фьючерс савдолари, хеджирлаш, клиринг ва таваккалчиликларни бошқариш соҳаларидаги профессионал билим ва кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

UZEX GLOBALнинг ташкил этилиши Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан замонавий биржа савдоси инструментларини босқичма-босқич жорий этиш ва фьючерс савдосини ривожлантириш стратегиясини бир қисми ҳисобланади.

Лойиҳанинг технологик асосини Phillip Nova халқаро савдо платформасининг UZEX савдо-клиринг инфратузилмаси билан интеграцияси ташкил этиб, унинг негизида UZEX GLOBAL тизими ишлаб чиқилди ва синовдан ўтказилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси раҳбарияти халқаро дериватив биржалари вакиллари билан икки томонлама музокаралари ўтказди. Учрашувларда томонлар биржалар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва замонавий биржа савдоси механизмларини ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси UZEX GLOBAL доирасида орттирилган тажрибадан фойдаланиб, фьючерс савдоси соҳасида норматив-ҳуқуқий базани, технологик инфратузилмани ва кадрлар салоҳиятини янада такомиллаштиришни кўзда тутмоқда.

UZEX GLOBALнинг ишга туширилиши Ўзбекистонда биржа савдосини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб, маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро товар фьючерслари бозорларига тизимли тарзда чиқиш имконини яратади. Лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий бизнеснинг барқарорлигини мустаҳкамлаш, корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш ва Янги Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.