UZEX GLOBAL фьючерс савдолари бўйича дастлабки ўқув курсини ташкил этди
UZEX GLOBAL «Фьючерс савдолари: асослардан амалиётгача» мавзусида биринчи ўқув курсини ташкил этди. Ўқув дастури ўз ичига фьючерс савдоларининг асослари, бозорнинг ишлаш механизми, нархлар динамикасини таҳлил қилиш, нарх хатарларини хеджирлаш воситалари ҳамда Nova 2.0 савдо платформасида ишлашга бағишланган бешта тематик йўналишни қамраб олди.
Тадбир давомида иштирокчилар фьючерс савдосининг асосий тамойиллари билан танишдилар, буюртмаларни жойлаштириш, савдо позицияларини бошқариш ва маржа талабларини назорат қилиш механизмларини ўргандилар.
Амалий машғулотлар ўзбек тилидаги интерфейсга эга Nova 2.0 савдо платформаси симулятори ёрдамида ўтказилди. Иштирокчилар ўқув ҳисобварақларини очиш, олган билимларини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро биржаларда фьючерс шартномалари билан савдо қилиш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш имконига эга бўлдилар.
Ўқув курси якунида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси раҳбарияти иштирокида UZEX GLOBAL сертификатларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
UZEX GLOBAL келгусида ҳам бозор иштирокчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, маҳаллий корхоналарнинг молиявий саводхонлигини юксалтириш ҳамда халқаро фьючерс савдоси ва нарх хатарларини бошқариш соҳасидаги амалий билимларини кенгайтиришга қаратилган ўқув курсларини мунтазам равишда ташкил этишни режалаштирмоқда.
Навбатдаги семинарларда иштирок этиш ва қўшимча маълумот олиш учун (+998 50) 157-00-50 телефон рақами ёки info@uzexglobal.uz электрон почта манзили орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Компания фаолияти ҳақида батафсил маълумот uzexglobal.uz веб-сайтида жойлаштирилган.
UZEX GLOBAL – Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Phillip Capital (Сингапур) ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма корхона бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 февралдаги 82-сон қарори ижроси доирасида фаолият юритади. UZEX GLOBAL орқали маҳаллий бозор иштирокчилари CME Group, ICE, LME, JPX ва SGX каби етакчи халқаро биржаларда мис, буғдой, пахта, нефть, олтин ва бошқа товарлар бўйича фьючерс шартномалари билан савдо қилиш ва товар бозорларида нархлар ўзгариши билан боғлиқ молиявий хавф-хатарларни самарали бошқариш ва хеджирлаш имкониятига эга бўлдилар.