UZEX ва Phillip Securities ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

V Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) раҳбарияти Phillip Capital халқаро молиявий гуруҳи таркибига кирувчи Phillip Securities делегацияси билан учрашув ўтказди.


V Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) раҳбарияти Phillip Capital халқаро молиявий гуруҳи таркибига кирувчи Phillip Securities делегацияси билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида томонлар Phillip Capital билан стратегик ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистонда замонавий биржа инфратузилмаси ва биржа воситаларини ривожлантиришга доир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.




Алоҳида эътибор Phillip Capital билан ҳамкорликда ташкил этилган “UZEX Global” қўшма корхонаси орқали маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро деривативлар бозорларига чиқиш имкониятларини тақдим этиш ва товар бозорлари иштирокчилари учун самарали хеджирлаш тизимини шакллантириш масалаларига қаратилди.

Томонлар жаҳон товар бозорларининг юқори ўзгарувчанлиги шароитида нарх хатарларини бошқариш воситаларининг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидладилар. Замонавий хеджирлаш инфратузилмасини яратиш маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрларга нарх хатарларини самарали суғурталаш, молиявий натижалар барқарорлигини ошириш ҳамда халқаро бозорларда рақобатбардошликни кучайтириш имконини бериши қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Бу Ўзбекистон биржа инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда маҳаллий бизнеснинг халқаро деривативлар бозорларига интеграциялаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.