Ўзбекистонда илк бор маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро товар деривативлари биржаларида ўтказиладиган фьючерс савдоларида иштирок этиш тартиби тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг «Маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг халқаро товар деривативлари биржалари савдоларида иштирок этиши устидан назоратни таъминлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 февралдаги 82-сон қарори ижроси доирасида қабул қилиниб, 2026 йил 23 октябрда Адлия вазирлигида 3961-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур тартиб маҳаллий тадбиркорлар учун халқаро дериватив бозорларида иштирок этиш ва товарлар нархининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ молиявий хатарларни самарали бошқаришнинг ҳуқуқий асосини яратади.
Низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳузуридаги «UZEX Global» МЧЖ — халқаро биржа воситачиси орқали Чикаго товар биржаси (CME), Интерконтинентал биржа (ICE), Лондон металл биржаси (LME) ва бошқа халқаро биржаларда мис, буғдой, пахта, нефть, олтин ҳамда бошқа товарларга асосланган фьючерс шартномалари билан савдо қилиш имкониятига эга бўлади.
Ҳужжатда савдоларда иштирок этиш шартлари, халқаро биржа воситачисининг мажбуриятлари ва давлат назорати механизмлари белгиланган. Шунингдек, мижозлар маблағларини алоҳида ҳисобварақларда юритиш ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақида очиқ маълумот бериш талаблари назарда тутилган.
Савдоларда иштирок этиш ихтиёрий бўлиб, тадбиркорлар ўз номидан ва ўз ҳисобидан қатнашади. Фьючерс савдолари учун маблағларни миллий валютада киритиш ва қайтариш, шунингдек, валютани айирбошлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу тартиб мамлакатимизда замонавий биржа механизмларини жорий этиш, маҳаллий тадбиркорларга нарх ўзгарувчанлиги билан боғлиқ молиявий хатарларни бошқариш имкониятини яратиш, корхоналарнинг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, миллий биржа инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини чуқурлаштиришга хизмат қилади.